The Guardian: Ўзбекистон ва Иордания жаҳон чемпионатида сенсация қилишга шай
Амман ва Тошкент кўчаларида одам кўплиги, кайфият баландлиги кутилмоқда: Осиёнинг янги жамоалари Жаҳон чемпионатига шунчаки қатнашиш учун эмас, ўз сўзини айтиш учун келганини исботлашга бел боғлаган.
Лионель Месси ва Криштиану Роналдуга қарши кутилган учрашувлардан олдин Осиёнинг дебютантлари учун тарихий, илк жаҳон чемпионати ўйинлари навбатда турибди. Чоршанба куни Иордания Австрияга қарши майдонга тушади, шундан сўнг Жазоир ва Аргентина билан ўйнайди. Ўзбекистон эса мусобақани Колумбияга қарши тўқнашув билан бошлаб, кейин Португалия ва Конго Демократик Республикаси билан куч синашади.
Иордания ва Австрия баҳси ФИФАнинг динамик чипта нархлаш тизими синови сифатида тилга олинмоқда. Аммо Сан-Франсискодаги "Bay Area Stadium" неча фоизга тўлдирилишига қарамасдан, Аммандаги "Prince Muhammad" кўчасидаги ва бутун мамлакат бўйлаб қаҳвахоналарда жой топиш қийин бўлади.
Бир йил олдин ҳам шундай манзара кузатилган: мухлислар Португалия ва Испания ўртасидаги УЕФА Миллатлар лигаси финалини томоша қилаётганда шу ҳолат юз берган.
Иордания жаҳон чемпионати йўлланмаси қўлга киритилганидан кейин ҳам иорданиялик мухлислар ўз суюклилари дунёнинг юлдуз жамоаларига қарши майдонга тушишини ўйлаб ҳаяжонга тўлган эди. Энди эса ўша орзу амалга ошмоқда.
Иордания кўпроқ жамоавий руҳ, интизом ва қарши ҳужумларга таянади, аммо уларнинг ҳам ўз юлдузлари бор. Саралашдан кейин мамлакат бўйлаб деярли ҳар бир билбордда ҳужум учлигидаги етакчи футболчилар сурати пайдо бўлди, аммо уларнинг тақдири турлича кечди.
Жамоанинг асосий ҳужумчиси, рамзий тимсоли Язан Ан-Наймат декабрь ойида олган тиззасидаги оғир жароҳат туфайли чемпионатни ўтказиб юборди.
Ўмон билан баҳсда жаҳон чемпионати йўлланмасини таъминлаган ўйинда учала голни урган Али Олван февралдан бери расмий ўйин ўтказмаган бўлса-да, мусобақани асосий таркибда бошлаши кутилмоқда. Амманда туғилган, нонвой ўғли бўлган, камтар Муса Ат-Таамари эса жамоанинг асосий юлдузи. У Европада тўп сураётган кам сонли иорданияликлардан бири бўлиб, "Ренн" клубида тезкор ва меҳнаткаш ярим ҳимоячи сифатида иккинчи мавсумини муваффақиятли ўтказди.
Язан ўрнида ҳужум чизиғида 20 ёшли Одех Фахурий майдонга тушиши кутилмоқда. У 31 май куни Швейцарияга қарши ўртоқлик ўйинида ўзининг илк голини урди.
Бироқ ўша ўйин 1:4 ҳисобида мағлубият билан якунланган, ундан кейин эса Сан Диего шаҳрида Колумбия билан баҳс 0:2 ҳисобида бой берилди. Бу натижалар маълум хавотир уйғотгани бор гап. Жамоа бош мураббийи, 3-4-3 тактик услубини қатъий қўлловчи Жамол Селлами буни ўқув жараёнининг бир қисми сифатида баҳолади. Унинг фикрини собиқ дарвозабон, миллий жамоа сафида 179 марта майдонга тушган Амр Шофе ҳам қўллаб-қувватлайди.
- Ҳеч қандай ортиқча хавотирга ўрин йўқ, – дейди Шофе. – Уларнинг энг катта афзалликларидан бири – мағлубиятдан тўғри хулоса чиқариш, хатолар устида ишлаш ва расмий ўйинларга жамоанинг кучли ва заиф томонларини яхши англаган ҳолда кириб боришдир.
Унинг таъкидлашича, Иордания плей-офф босқичига чиқишга қодир.
Иордания жисмоний курашга тайёр ва Австрия билан ўйинни Силикон водийсига қараганда иссиқроқ ва намроқ иқлимда ўтказишга ҳам қарши бўлмасди. Мамлакатда футбол қаттиқ, муросасиз услубда ўйналади, чунки у қўшниларига нисбатан катта молиявий имкониятларга эга эмас. Шу жамоа 2023 йилги Осиё кубоги финалигача етиб борди, ярим финалда Жанубий Кореяни ишончли тарзда мағлуб этди. Агар ўша учрашувдаги каби ўйин кўрсата олишса, Амман қаҳвахоналарида иш анча қизийди.
Тошкентдаги паловхоналар ҳам шунга ўхшаш кайфиятни бошдан кечириши мумкин, фақат Мехико шаҳридаги Ўзбекистон - Колумбия учрашуви эрталабки вақтга тўғри келади. Осиёнинг иккинчи дебютанти жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритгач, бош мураббийликка Фабио Каннаварони таклиф этди. Унинг мураббийлик фаолияти ҳалича катта муваффақиятлар билан ёдга олинмаётган бўлса-да, у 2006 йилда Италия миллий Италия терма жамоасини жаҳон чемпионига айлантирган сардор сифатида футбол тарихида қолган. Кейинги 2010 йилдаги мундиалда эса италияликлар жамоаси гуруҳ босқичидаёқ мусобақани тарк этган. Марказий Осиёдаги мухлислар биринчи сценарийни орзу қилмасалар-да, яхши старт иккинчисидан бўлган қўрқувни анча камайтиради.
Иордания каби Ўзбекистон ҳам Осиёдан ташқаридаги терма жамоаларга қарши тез-тез ўйнамайди, аммо таркибида Европада тажриба орттираётган футболчилар бор. Эътибор марказида, албатта, "Манчестер Сити" ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов бўлади.
Шу билан бирга, Аббосбек Файзуллаев ҳам катта умид уйғотмоқда. У ўсмирлик пайтидаёқ Москванинг ЦСКА клубига ўтиб, ватан соғиничини енгиб, ўзини кўрсата олди. Халқаро ўйинлар етишмаслиги туфайли кейинчалик Туркияга йўл олди. Бу сафарги мусобақадаги яхши ўйин 22 ёшли вингерга ғарбга йўл очиши мумкин.
Ўзбекистон жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритганидан сўнг, ўртоқлик учрашувида Уругвайга 1:2 ҳисобида ютқазди, аммо Габон ва Миср устидан ғалаба қозонди. Сўнгги икки назорат учрашувида эса ўзидан анча кучли Канада ва Нидерландияга мағлуб бўлди.
Нидерландияга қарши ўйинда "Ливерпуль" ҳужумчиси Коди Гакпо икки марта пенальтидан аниқ зарба берди, ҳал қилувчи голни 99-дақиқада урди. Ундан сал олдинроқ Ўзбекистон ҳисобни тенглаштириб, руҳий кўтаринкилик бағишлайдиган натижага эришдик, деб ўйлаган эди. Бу ўйин диққат ва концентрацияни охирги дақиқаларгача йўқотмаслик кераклигини яна бир бор кўрсатди.
Шу билан бирга, "Оқ бўрилар"ни камситиш катта хатога айланиши мумкин.
- Ўзбеклар қаттиқ, таслим бўлмайдиган, доим курашадиган халқ, – дейди Фабио Каннаваро. – Уларга қарши ўйнаш осон эмас. Уругвайга қарши ўйинда тўққиз нафар футболчимиз жароҳатланган, рақиб ҳам энг яхши ҳолатида эмасди, лекин барибир жуда қаттиқ ўйин бўлди. Уларни енгиш қийин, биз фақат 1:2 ҳисобида ютқаздик, холос.
Жамоанинг тажрибали ярим ҳимоячиси Жалолиддин Машарипов бел оғриғи билан овора, аммо умумий кайфият – қувонч ва умид – юқори даражада.
Балки Иорданияга нисбатан ҳам кўпроқ тарзда Ўзбекистонда шу ҳис борки, келаси ҳафталарда нима бўлишидан қатъи назар, бу мамлакат учун янги босқичнинг бошланиши, холос. 1991 йилда мустақилликка эришганидан кейин Осиёда ўзбек футболининг ўсиши қизиқарли жараён бўлди, аммо дунё жамоатчилиги бунга унча эътибор қаратмади. Жаҳон чемпионати йўлланмасини бир неча бор қўлдан бой бериши уларга "Осиёнинг ҳал қилувчи паллада тўхтаб қолувчи жамоаси" деган тамға берди, бироқ шу билан бирга, футболга сармоя ошишига ҳам олиб келди. Ёшлар даражасида қўлга киритилган совринлар эндиликда катталар футболида ҳам ўз самарасини бермоқда.
- Бу натижалар бир кунда келгани йўқ, – дейди Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси биринчи вице-президенти Отабек Умаров. – Биз бир неча йил давомида барқарор натижалар кўрсатиб, Осиёнинг етакчи футбол мамлакатларидан бирига айландик. Ташқаридан буни ҳамма ҳам англамаслиги мумкин, аммо Марказий Осиёдан жаҳон чемпионатига чиққан илк мамлакат сифатида бу палла бутун миллат қаҳрамонларини қўллаб-қувватлаш учун бирлашадиган дақиқалар бўлади.
Тошкентда қандай бўлса, Амманда ҳам шундай бўлади.

Фикрлар