ЦСКА Файзуллаевнинг жароҳатига қандай муносабат билдирди?

Москванинг ЦСКА клубидан Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинларига чақиртирилган Аббосбек Файзуллаев яна ҳамманинг диққат-эътиборини ўзига қаратди.

“Армиячилар”нинг етакчиси бўлган 21 ёшли ҳужумкор футболчи терма жамоа йиғини давомида жароҳатлангани билдирилди. Бу ҳақда миллий терма жамоа бош мураббийи ёрдамчиси Владо Радманович хабар берган эди.

Кейинроқ терма жамоа менежери ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси халқаро бўлими бошлиғи Шерзод Эгамбердиев ўйинчи жароҳат олган вазият унинг аҳволи ҳақида маълумот бериб, Аббос Бирлашган Араб Амирликлари терма жамоасига қарши майдонга туша олишини таъкидлади.

- Машғулот чоғида Аббосбек Файзуллаев тўқнашувга борди ва оёғи шикастланди. Бошида қўрқиб кетдик ва оёқ суяклари лат еган, деб ўйладик. Кейинроқ жиддий ҳеч нарса йўқлиги ва бу одатий шикастланиш экани аниқланди. Шифокор Файзуллаевни кечаси билан даволади, кундузи ҳам кузатувда бўлди. Худо шукр, ҳозир ҳаммаси яхши, - деди Шерзод Эгамбердиев.

Ўз навбатида, ЦСКА клуби ҳам ўз етакчиси аҳволидан хабардор бўлиб турибди.

Бу ҳақда “армиячилар” клубининг  коммуникациялар бўйича директори Кирилл Брейдо хабар тарқатди.

- Биз Аббосбек Файзуллаев билан алоқада бўлиб турибмиз. Яқиндагина клуб бош шифокори Эдуард Безуглов у билан гаплашди. Аббос оғриқли шикаст еган, лекин бугун ўзин анча яхши ҳис қилаётганини айтди. Эдуард Безугловнинг айтишича, ҳеч қандай хавф-хатар йўқ. Иш жараёни экан, - деб ёзди Кирилл Брейдо ўзининг телеграм каналида.

Аббосбек Файзуллаев нафақат Ўзбекистон миллий терма жамоаси, балки ЦСКА клуби учун ҳам муҳим ўйинчи ҳисобланади.

Россия Премьер-лигасида юқори ўринлар учун курашаётган “армиячилар”нинг ҳужум чизиғи самарадорлиги кўп жиҳатдан ўзбек легионерига боғлиқ.

Ҳамюртимиз сентябрь ойини юқори даражада ўтказиб, мамлакат чемпионати ва кубоги доирасида тўртта учрашувда битта гол ва учта ассист муаллифи бўлди.  Бунинг самарасида Файзуллаев ўз клубининг ўтган ойдаги энг яхши футболчи, деб эътироф этилди.

Сентябрь ойининг энг яхши футболчисини аниқлаш учун мухлислар ўртасида ўтказилган сўровномада Аббосбек Файзуллаев энг кўп – 53 фоиз билан ғолиб чиқди.

Легионеримиз кучли учликдан ўрин олган россиялик жамоадошлари Иван Обляков (18 фоиз) ва ЦСКА афсонасига айланган Игорь Акинфеевни (10 фоиз) катта фарқ билан ортда қолдирди.

Энди ҳужумкор футболчимиз 15 октябрь куни 2026 йилги жаҳон чемпионати саралаш турнири доирасида Бирлашган Араб Амирликлари терма жамоасига қарши бўладиган муҳим беллашувда иштирок этиши кутилмоқда.

Шомуродов ўрнига уч ҳужумчи!

Легионеримиз ўзини ҳайратга солган футболчи кимлигини айтди

Нархи 5 миллион еврога етган Ҳусанов қачон гранд клубга ўтади?

Шомуродовнинг “Рома”даги фаолияти нима бўлади?

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!