
Месси Парижга қандай мослашиб кетгани ва ПСЖдаги муҳит ҳақида гапирди
Аргентиналик ҳужумчи Лионель Месси Испаниянинг Marca нашрига катта интервью берди. У суҳбат давомида Париж клубига мослашув жараёни ҳақида ҳам гапирди.
“Яшашга уй ва болалар учун мактаб топиб, ритмга кирганимиз яхши бўлди. Ҳозир мен Парижга тўлиқ мослашдим ва ўзимни яхши ҳис қиляпман. Болалар бунга энг тез ўрганиб кетди ва катта эҳтимол билан улар француз тилини биздан анча олдин ўрганишади. Энди менинг оилам хотиржамлик топди”, – деди Месси.
Лео шунингдек, ПСЖдаги муҳит ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
“Яхши футболчилар ва яхши одамлар даврасига кириш бахтига муяссар бўлдим. Бу энг муҳими. Жамоага мослашувим жуда тез бўлди. Тўғри, дастлаб бу ғалати эди. Бир томондан, шунча йил бир жойда ўйнаб, янги жойга кўчиб ўтиш қийин бўлса, иккинчи томондан, жуда осон бўлди, чунки мен бу жамоада ўйнаётган кўплаб футболчиларни билардим ва улар бу ерда испан тилида гаплашишарди. Бу жуда ҳамжиҳат жамоа, сиз буни ташқаридан кўришингиз мумкин. Мен эса бунга шахсан гувоҳ бўлдим”, - деди аргентиналик юлдуз.
Comments