Ўзбек легионерини тўхтатиб бўлмаяпти. Унинг нархи ҳам ошмоқда!
Беларусь олий лигасининг 11-турида “Энергетик-БГУ” сафар учрашувида “Белшина”ни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди ҳақида хабар берган эдик.
Ушбу мамлакат чемпионатини таҳлил қилиб бораётган мутахассислар минсклик “талабалар”га сўнгги дақиқаларда ғалаба келтирган ягона гол муаллифи Бобур Абдухолиқов тўпурарлик бўйича ажойиб серияни давом эттираётганига эътибор қаратди.
25 ёшли ҳужумчимиз жами 11 марта майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 12 маротаба ишғол қилган ва жамоадошларига тўртта голли пас оширган. Бобур тўпурарлар баҳсида етакчилик қилиш баробарида, гол+пас тизими бўйича 16 очко жамғариб, чемпионатнинг энг фойдали ўйинчиси бўлиб турибди.
Бундан ташқари, таҳлилчилар ўзбек футболчиси кетма-кет тўртта учрашувдан бери голли серия намойиш қилаётганини алоҳида таъкидламоқда.
“Белшина”га қарши ўтказилган учрашувдан кейин “Энергетик-БГУ” бош мураббийи Павел Родненок ҳам 94-дақиқада гол уриб, жамоасини мусобақа жадвалида биринчи ўринга олиб чиққан Бобур Абдухолиқовни мақтади.
Жуда оғир ва кўп куч сарфланган учрашув бўлди. Жуда кўп яккакурашларни кўрдик. 90 дақиқада машаққатли курашлардан иборат бўлди. Ҳеч ким ютқазишни истамади. Очколар учун ҳақиқий тўқнашув юз берди.
Биринчи бўлимда об-ҳаво ва майдонга мослашиш, танаффусдан кейин ўз ўйинимизни топиб олишга анча вақт сарфладик. Таймлар орасида керакли ўзгаришлар киритилди, йигитларни хотиржам қилиб, ўйин услубини ўзгартирдик.
Сафида чемпионатнинг энг яхши тўпурари ҳақиқий қутқарувчимиз ва “омадли таёқчамиз” борлигини Бобур яна бир карра исботлаб қўйди. Ғалабадан мамнунмиз ва кейинги учрашувларга тайёрланишга эътибор қаратамиз, - деди Павел Родненок.
Бобур Абдухолиқов “Насаф” клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. Қарши шаҳри жамоаси учун футболчи жами 112 та ўйин ўтказиб, ўз ҳисобига 45 та гол ёздириб қўйган эди.
Шундан сўнг, истеъдодли футболчимиз 2021 йилнинг бошида Украинанинг “Рух” жамоасига кўчиб ўтди. Биринчи хорижий сафар омадсиз бўлди. Бобур ўзини кўрсатганига қарамай, “Рух” асосий таркиби мураббийлар штаби унга ишонч билдирмади.
Абдухолиқов ўз ихтиёри билан шартномани бекор қилиб, Львовни тарк этди ва ярим мавсум жамоасиз юрди. Ниҳоят, истеъдодли ҳужумчи ўтган йилнинг ёзида “Энергетик-БГУ” билан эркин агент сифатида минскликлар билан 2022 йилнинг 31 декабрига қадар шартнома имзолади.
Дастлабки ярим йилни мослашишга сарфлаган ҳамюртимиз бу йилги чемпионатдан бошлаб, тўпурарлик маҳоратини намойиш қила бошлади. Беларусь олий лигасидаги муваффақиятли ўйини орқали Бобурнинг трансфер суммаси яна кўтарила бошлади. “Энергетик-БГУ” билан шартнома имзоланганида унинг трансфер нархи 600 минг еврони ташкил қилганди.
Трансферларга ихтисослашган www.transfermarkt.world портали 17 июнь куни Беларусь чемпионатида тўп тепаётган футболчиларнинг янгиланган трансфер суммаларини эълон қилди. Унга кўра, Бобур Абдухолиқов энди 800 минг еврога баҳоланмоқда.
Мутахассислар “Энергетик-БГУ” раҳбариятига асосий тўпурарини ушлаб қолиш қийин бўлишини айтишмоқда. Чунки Бобур Абдухолиқовга кучли лигалардан ҳозирдан қизиқиш бўлмоқда.
Легионеримизнинг суперголи жамоасини биринчи ўринга олиб чиқди!
Шомуродовни “катта марра” кутиб турибди!
Шомуродовга рақобатни бой берган ҳужумчи “Реал”да Бензема ўрнини эгаллайди!
Тўпурар легионеримиз кучли жамоага ўтадими?
Фикрлар