Расман! Премьер-лига клуби Ўзбекистон чемпиони трансферини эълон қилди
Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод Иброҳалил Йўлдошев фаолиятини Қозоғистон Премьер-лигасида давом эттириши расман тасдиқланди.
“Қайрат” клуби матбуот хизмати 22 ёшли ўзбек футболчиси жамоага кўчиб ўтгани ҳақида расмий маълумот тарқатди.
Аслида Иброҳимхалил 2021 йилдан бери Россия Премьер-лигасида иштирок этаётган “Нижний Новгород” жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келаётган эди. Кейинги пайтда истеъдодли футболчимиз бошланғич таркибга кириши қийинлашиб қолганидан кейин бошқа клубга кўчиб ўтишига тўғри келди.
Ўз олдига катта мақсадларни қўйган “Қайрат” ўзбекистонлик ҳимоячини 2024 йилнинг охиригача ижарага олди. Алматиликларда футболчини кейинчалик тўлиқ трансфер қилиш ҳуқуқи ҳам бор ва бу трансфер 500 минг еврони ташкил этиши ҳақида маълумотлар тарқатилган эди.
Қозоғистон футболини ёритаётган манбалар Иброҳимхалил Йўлдошев трансфери бўйича қуйидаги маълумотларни мухлислар эътиборига ҳавола қилди.
- Иброҳимхалил Йўлдошев ижара асосида 2024 йилнинг охиригача кейинчалик тўлиқ трансфер қилиш ҳуқуқи билан “Қайрат” жамоасига кўчиб ўтди.
Йўлдошев “Пахтакор” тарбияланувчиси ҳисобланади. 2019 йили Тошкент клуби таркибида Ўзбекистон чемпиони, 2021 йили эса мамлакат Суперкубоги соҳиби бўлди.
Бундан ташқари, иқтидорли ҳимоячи ўз юртида “Бунёдкор” жамоасида ҳам ўйнаган.
2021 йилнинг ёзида Иброҳимхалил Йўлдошев Россиянинг “Нижний Новгород” жамоасига кўчиб ўтди ва шу кунгача ушбу жамоада тўп тепди.
Нижний новгородликлар сафида легионер жами 63 та ўйинда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасига учта тўп киритди ва жамоадошларига бешта голли пас узатди.
22 ёшли Йўлдошев Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида жами 16 та учрашувда иштирок этган ва ўз ҳисобига битта гол ҳам ёздириб қўйган. 2023 йилнинг кузида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси сафида Осиё ўйинларининг бронза медалини қўлга киритди. У турнирдаги барча учрашувларда қатнашди, - деб маълумот берди sports.kz сайти.
Таъкидлаш жоизки, жорий мавсумда Россия Премьер-лигасида беш нафар ўзбек футболчиси рўйхатдан ўтказилган эди.
Улар орасида энг муваффақиятли тўп тепаётгани Аббосбек Файзуллаев ҳисобланади. 20 ёшли легионеримиз Москванинг ЦСКА жамоасининг энг асосий фигураларидан ҳисобланади.
Шунингдек, “Рубин”да икки нафар ўзбек футболчиси тўп тепмоқда. Тажрибали Рустам Ашурматов қозонликларнинг асосий таркибига кириш учун курашяпти. Ёш ярим ҳимоячи Умарали Раҳмоналиевга яхши таклиф бўлса, клуб раҳбариятини уни ижарага беришни режалаштиряпти. “Рубин” мураббийлар штаби вакиллари ёш ўйинчида доимий ўйин амалиёти бўлиши керак, деган фикрни ўртага ташлаган.
“Нижний Новгород” мавсумнинг биринчи қисмидан кейин икки нафар ўзбек футболчисини ижарга бериб юборди.
Аввалроқ, ёш ҳужумчи Русланбек Жиянов фаолиятини “Навбаҳор”да давом эттирадиган бўлганди. Мана энди унинг “Нижний Новгород”даги жамоадоши Йўлдошев янги чемпионатга кўчиб ўтди. Россияда эса ҳозирча уч нафар легионеримиз қолди.
Фикрлар