Шомуродов танқидларга жавоб бериб қўйди
А Сериянинг 4-турида “Кальяри” ўз майдонида “Удинезе” билан дуранг ўйнаб, очколари сонини иккитага етказиб олган эди.
Шу куни 60-дақиқада захирадан майдонга тушган Элдор Шомуродов анча фаол ўйнади. Ҳамюртимиз ҳужум уюштириш, хавфли вазиятлар ташкил қилиш, жамоадошларини қулай позицияга чиқариш ва уларга аниқ пас ошириш бўйича юқори кўрсаткичларни қайд этди.
Бунгача жисмоний тайёргарлиги меъёрида бўлмаган легионеримиз аввалги учта турда мухлису мутахассислар танқидига нишон бўлган.
Италия матбуоти ўзбек футболчиси ўйинида ижобий ўзгаришлар бўлганига алоҳида эътибор қаратмоқда. Бир неча манбалар А Сериянинг навбатдаги турида “Аталанта”га қарши ўтказиладиган учрашувдан олдин Элдор Шомуродовга ижобий баҳо берилган материаллар бера бошлади.
Sports.uz портали ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига Италия сайтлари экспертларининг ҳужумчимиз ҳақидаги фикрларини ҳавола қилади.
- “Кальяри” футболчилари “Unipol Domus” стадионида, ўз мухлислари кўз ўнгида дастлабки очкосини қўлга киритди. Андреа Соттил бошқарувидаги “Удинезе”га қарши ўйинда дуранг қайд этилди. Бу беллашувда ўзини ижобий томондан кўрсата олган ўйинчилардан бири Элдор Шомуродов бўлди.
“Женоа”, “Рома” ва “Специя”нинг собиқ футболчиси ўзи учун ўта қийин ва оғир бўлган мавсум стартидан кейин нималарга қодирлигини намойиш қилди. Тезкорлик, идеал зарбалар ва рақиб ўйинчилари кўз ўнгида ҳақиқий муаммо. Шомуродовнинг “Удинезе”га қарши ўйини яхши кўрсаткич сифатида танқидларга жавоб бўлди, - деб ёзди https://www.cagliarinews24.com сайти эксперти Лоренцо Ширру.
Яна бир нуфузли манба – https://www.calciocasteddu.it сайти мутахассиси Жакомо Десси ҳам ўзбек футболчиси ҳақида илиқ фикрларини билдирди.
- Элдор Шомуродов даражасидаги футболчидан бунданда кўпроқ ва каттароқ кўрсаткичларни талаб қилиш адолатдан бўлади. Ўзбек легионери мослашишдек қийин жараённи бошдан ўтказаётганига қарамай, меҳнат қилишдан тўхтагани йўқ. Хусусан, жисмоний тайёргарлик нуқтаи назарида ҳам ҳаракатларни давом эттиряпти.
“Удинезе”га қарши ўйини аввалги учрашувлардаги ҳаракатидан кескин фарқ қилди. Бу бизга Шомуродовнинг юқори спорт формасига чиқишга уринаётганини баҳолаш имконини берди.
Шомуродов жуда кўп югурди, олдинги чизиқда хавфли вазиятларни яратишга бўлган иштиёқи бизга катта умидлар бағишлай бошлади, - деб ёзди Жакомо Десси Элдор Шомуродовнинг сўнгги ўйиндаги иштироки ҳақида.
“Кальяри”нинг собиқ футболчиси Роберт Аквафреска La Nuova Sardegna нашрига берган интервьюсида жамоанинг ҳужум чизиғига тўхталди.
- Андреа Петанья, Зито Лувумбо, Леонардо Паволетти ва Элдор Шомуродов турли характеристикага эга ҳужумчилар ҳисобланади. Бу бош мураббий Клаудио Раньерига ўйинлардан келиб чиқиб, турли тактик усулларни танлаш имконини беради, - деди Роберт Аквафреска.
Яна бир эксперт – Дионисио Массия https://www.tuttocagliari.net сайтига қуйидагича фикр билдирди.
- Клаудио Раньерини “Удинезе” билан бўлган ўйинда муҳим қарорларни қабул қилганига шубҳа йўқ. Билишимча, ўйин олдидан Иброҳим Сулеманада қандайдир муаммолар юзага келган, Наитан Нандес Уругвайга бориб келиб толиққан, Леонардо Паволеттининг ёши катталигини инобатга олиб, Элдор Шомуродовдан фойдаланишга қарор қилди. Чунки Раньерига ҳужзумларга ранг-баранглик бағишлай оладиган ўйинчи керак эди. Элдор бу ишни уддалаганини кўрдим, - деди Дионисио Массия.
“Кальяри” футболчилари айни пайтда Бергамодаги ўйинга жиддий тайёргарлик кўрмоқда. “Атланта” футболчилари сардинияликларни 24 сентябрь куни ўз майдонида қабул қилади.
Фикрлар