Янги харидор: Шомуродовни олиб, ўрнига жаҳон чемпионатида ўйнаётган футболчини берамиз!
“Рома” раҳбарияти қишки трансферлар олдидан Элдор Шомуродов бўйича турли клублардан ҳар хил таклифлар олишда давом этмоқда.
Шу пайтга қадар, ўзбек ҳужумчиси “Монца”, “Кремонезе”, “Торино”, “Сампдория”, “Болонья” каби клублар нишонида турган эди. Бу клубларнинг аксарияти легионеримизни январдаги трансфер бозори учун асосий нишон сифатида белгилаган ва Рим клуби раҳбариятига мурожаат ҳам қилиб улгурган.
“Рома” мутасаддилари барча харидорлар олдига бир хил талаб қўймоқда. Унга кўра, даъвогарлар Шомуродовнинг трансферини бирданига тўлиқ харид қилиши ёки кейинчалик сотиб олиш мажбурияти билан ижарага олиш ва бадал суммасини аниқ белгилаб қўйиш лозимлигини таъкидлаяпти.
Италиянинг нуфузли нашрларидан бири https://www.calciomercato.com сайтининг хабар беришича, Шомуродов учун курашга қўшилган “Специя”нинг таклифи римликларни ўйлантириб қўйди.
Манбанинг таъкидлашича, “Специя” ҳам январда ҳужум чизиғини кучайтиришга қарор қилган ва асосий нишон сифатида Элдор Шомуродовни белгилаган. Специяликлар ўзбекистонлик форвард трансферига икки ҳимоячини қўшмоқчи.
Улардан бири - Якуб Кивиор Қатардаги жаҳон чемпионатида Польша терма жамоаси сафида майдонга тушиб улгурди.
22 ёшли футболчи марказий ҳимоядан ташқари, чап қанот ва таянч ярим ҳимоячиси сифатида бир неча позицияларда ишончли ўйнай олади.
Якуб ёш бўлишига қарамай, Словакия ва Бельгия лигаларида ҳам ўйнаган. Унинг трансфери олти миллион евро атрофида баҳоланмоқда.
“Специя” Шомуродов ўрнига таклиф қилаётган иккинчи номзод Эмиль Хольмдир. 22 ёшли футболчи ўнг қанот ҳимоячиси ҳисобланади ва шу тарафда ярим ҳимоячи вазифасини ҳам уддалай олади. У фаолити давомида Италиядан ташқари, Швеция ва Норвегия лигаларида тўп тепган.
Эмиль жорий мавсумда А Серияда 14 та учрашувда майдонга тушиб, битта гол ва иккита ассист қайд этди. Унинг специяликлар билан шартномаси 2026 йилнинг ярмигача имзоланган ва трансфери 2,5 миллион еврога баҳоланди.
Хольм бу йилдан эътиборан Швеция терма жамоасига жалб қилина бошлади.
“Специя” таклифи “Ромага маъқул келиши мумкинлиги айтилмоқда. Чунки Тьягу Пинто бош мураббий Жозе Моуриньо билан юз берган можародан кейин жамоадан кетишга қарор қилган Рик Карсдорп ўрнига таклиф этиладиган ҳимоячилар рўйхатига Кириор ва Хольмни ҳам қўшган эди.
Бу вазиятда кўп нарса Элдор Шомуродовнинг танловига боғлиқ бўлади. Ҳамюртимизга асосан А Серияда қолиш учун курашаётган жамоалар даъвогарлик қилмоқда.
Демак, Элдор кейинги мавсум олдидан қуйи лигага тушиб кетмаслик учун янги жамоа танлашди жуда ҳушёр бўлиши ва ҳар бир жиҳатни инобатга олиши талаб этилади.
Фикрлар