Файзуллаев охир-оқибат мундиал қаҳрамони бўлиб чиқди
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг АҚШ, Мексика ва Канада мезбонлик қилган мундиалдаги дебютини таҳлил қилаётган мутахассислар таркибда ўзининг салоҳияти ва иқтидорини намойиш қилган ижрочилар ҳам, ўз имкониятидан паст даражада ўйнаган футболчилар ҳам борлигини таъкидламоқда.
Тарихий чемпионатда ўзининг ёрқин ўйини билан мухлису мутахассислар эътиборини қозонган футболчилардан бири 22 ёшли Аббосбек Файзуллаев бўлди.
Терма жамоамиз натижаси ижобий кўриниш олгани йўқ, аммо Аббосбек Файзуллаев мундиал ўйинларида ўз номини тарихга ёзганлардан бўлди.
Файзуллаев мундиалда гол урган биринчи ўзбек футболчисидир. Унинг Мексикадаги машҳур "Ацтека" стадионида Колумбия дарвозасига киритган тўпи тарихий аҳамият касб этди. Бу гол орқали Аббосбек Файзуллаев XXI асрда жаҳон чемпионатларида бош билан дарвозани ишғол қилган энг паст бўйли (167 сентиметр) ўйинчи сифатида рекорд ўрнатди.
Бундан ташқари, Файзуллаев гуруҳдаги учинчи учрашув - Конго Демократик Республикаси терма жамоасига қарши баҳсда Элдор Шомуродовнинг суперголига ажойиб пас ташлаб берди.
Терма жамоамизнинг мундиалда инобатга олинган ҳар икки голида иштирок этган ҳужумкор футболчимиз терма жамоамизнинг таркибдаги энг самарали ўйинчи экани қайд этилди.
Аббосбек шу тариқа жаҳон футболи тарихида икки бор ўз номини қолдирди.
Эслатиб ўтамиз, Аббосбек Файзуллаев шу пайтга қадар Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 35 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига тўққизта гол ёздириб қўйган.

Фикрлар