Файзуллаев Беллингемга бас келолмади
Халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерацияси – IFFHS 2023 йилнинг турли номинациялари бўйича ғолибларни эълон қилди.
Бу ташкилот 1987 йилдан бери бутун дунё бўйлаб йилнинг энг яхши футболчисини аниқлаш мақсадида сўровнома ташкил қилиб келади.
Ушбу сўровномаларда 120 мамлакатнинг IFFHS ташкилотига аъзо бўлган журналистлари ва футбол экспертлари қатнашади.
IFFHS ўз талқини бўйича 20 ёшгача бўлган футболчилар орасида “2023 йилнинг энг яхши ёш футболчиси” номинацияси бўйича ғолибликка даъвогар бўлган 26 нафар ўйинчи рўйхатига Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Москванинг ЦСКА клуби футболчиси Аббосбек Файзуллаевни ҳам қўшган эди.
Халқаро ташкилот янги йил арафасида ушбу танлов ғолиби номини эълон қилди.
Унга кўра, кетма-кет иккинчи йил Жуд Беллингем йилнинг энг яхши ёш ўйинчиси сифатида тан олинди.
Аслида бу галги танловда ҳам англиялик футболчининг ғолиб чиқишига ҳеч қандай шубҳа йўқ эди. Чунки Беллингем футболчилар учун энг нуфузли индивидуал соврин – “Олтин тўп”га ҳам даъвогарлик қилди. Гарчи бу соврин саккизинчи маротаба Лионель Мессига берилган бўлса-да, Беллингемнинг лойиқлигини таъкидлаётган мутахассислар ҳам кам эмас.
2023 йилнинг энг яхши ёш футболчиси номинациясида иккинчи ўрин “Бавария” вакили Жамол Мусиалага насиб қилди.
Кучли учликни “Барселона” тарбияланувчиси Гави якунлаб берди. Шундай бўлса-да, Мусиала ва Гави овоз бериш орқали жамланган баллар бўйича Жуд Беллингамдан анча ортда қолди.
Халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерацияси – IFFHS совринга даъвогар бўлган 26 нафар футболчидан кучли ўнликка кирганлари рейтингини эълон қилди. Жадвал билан қуйида танишиб олишингиз мумкин.
Аббосбек Файзуллаев бу галги рейтингда кучли ўнликка киритилмади. Шунга қарамай, 20 ёшли футболчимизнинг нуфузли ташкилот эътиборига тушгани ва дунёнинг энг иқтидорли ўйинчилари қаторида эътироф этилганининг ўзи ютуқ ҳисобланади.
Қолаверса, Аббосбек Файзуллаев энг зўр ёш футболчилар рўйхатига киритилган ягона осиёлик футболчи ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, 2023 йил Аббосбек учун жуда муваффақиятли бўлди. Чунки Файзуллаев 20 ёшгача бўлган футболчилар иштирокида Тошкентда ўтказилган Осиё чемпионатида ғолиб чиқди ва бу турнирнинг энг яхши ўйинчиси бўлди.
Бундан ташқари, терма жамоамиз Аргентинада ташкил этилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам муваффақиятли қатнашди ва Файзуллаев жамоамизнинг етакчи ўйинчиси сифатида ўз маҳоратини намойиш қилди.
Ёш футболчимизнинг профессионал фаолиятида катта ўзгариш бўлиб, хориж чемпионатидаги дебютини муваффақиятли ўтказмоқда. Легионеримиз Россия Премьер-лигасининг энг кучли ўйинчиларидан бири сифатида тан олинди.
Энг асосийси эса, Файзуллаев Ўзбекистон миллий терма жамоасидан ўрин олди. Тез орада у катта мусобақа – Осиё кубогида юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
Фикрлар