Муҳим гол Шомуродовни қутқара олмади. Элдор "Рома"дан кетадиганлар рўйхатида!
Италия футболини ёритишга ихтисослашган нуфузли манбалардан бири Calciomercato нашри “Рома” асосий таркибида ёзги трансферлар вақтида катта ўзгаришлар бўлиши ҳақида хабар тарқатди.
Жозе Моуриньо келаси мавсумда Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашишга қасд қилганини айтиб улгурди. Клуб раҳбариятини ҳам, португалияолик мураббийни ҳам Европа лигаси, Конференциялар лигаси каби УЕФАнинг иккинчи ва учинчи даражали турнирлари қониқтирмайди.
Дунёнинг энг кучли мураббийларидан бири сифатида эътироф этилган Моуриньо Римга “Рома”ни гранд жамоалар қаторига қўшиш учун олиб келинган.
Жозе ўз олдига қўйилган мақсадларни амалга ошириш учун ёзда катта трансферлар кераклигини таъкиламоқда. Ҳозирнинг ўзида бу мутахассис жамоасида Пауло Дибала, Луис Муриэль, Неманья Матич, Рики Пуч, Маркос Сенези каби таниқли ўйинчиларни кўрмоқчи ва булар билан чекланиб қолмоқчи эмас.
Calciomercato порталининг таъкидлашича, клуб кутилаётган трансферларга маблағ етказиш учун таркиьдаги бир неча ўйинчиларни сотиб юборишига тўғри келади. Маълумотларга қараганда, Жозе Моуриньо хайрлашишга тайёр бўлган ўйинчилар рўйхатида Жордан Верету, Карлес Перес, Амаду Диавара, Эбрима Дарбо, Гонсало Вильяр ва афсуски, Элдор Шомуродовнинг номи зикр этилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Жозе Моуриньо тактик схемани 3-4-2-1 кўринишига ўзгартириб, олдинда бир ҳужумчи ва икки қанот футболчисидан фойдалана бошлаганидан кейин ўзбек легионери португалиялик мутахассисга ортиқча бўлиб қолди. Жозе аслида марказий ҳужумчи бўлган Шомуродовни қанот ярим ҳимоячиси сифатида ўйнатмоқда. Бундан ташқари, марказий форварддан ортга қайтиб, унга ҳимояда фаол ўйнашни юклаб қўймоқда, хато қилса кечирмаяпти.
Шунга қарамай, Элдор ўзига берилган кам муддат ичида ҳам жамоага фойда келтираётганини таъкидлаш лозим. Бунга "Рома"нинг "Венеция"га қарши ўтказган сўнгги ўйинини мисол қилиш мумкин. Бутун жамоа рақиб ҳимоясини ёриб ўтолмаган бир паллада ўзбек легионери муҳим гол уриб, Моуриньони шармандаликдан, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди. Айнан Элдорнинг голи эвазига "Рома" Европа лигаси йўлланмасга даъвогарликни давом эттирмоқда.
“Рома” раҳбарияти Николо Дзаньолони ҳам қўйиб юборишга қарши эмас. Бироқ мутасаддилари асосий юлдузларидан бирини катта суммага сотмоқчи. 40 миллион евро миқдоридаги таклиф ҳам уларни қониқтирмайди. Мўлжал 50 миллион евродан кўпроқ мағлани ғазнага қўшиб қўйишдан иборат.
Шунингдек, клуб спорт директори Тьягу Пинто Феликс Афена-Гьян бўйича ҳам яхши таклиф кутмоқда. “Женоа”га қарши ўйинда иккита гол урганидан кейин Жозе Моуриньонинг севимли ҳужумчисига айланиб қолган 18 ёшли футболчининг бора-бора ўйини пасайиб, захирага ўриндиғига қайтди. Жўяли чорлов бўлса, римликлар уни ҳам қўйиб юборади.
“Рома”га кам бўлса-да, кафолатни маблағ келтирадиган трансферлардан бири ҳимоячи Алессандро Флоренцидир. “Милан”да ижара асосида ўйнаётган ўйинчи бу мавсум А Серия чемпиони бўлишга жуда яқин турибди. Миланликлар ёзда уни сотиб олишга қарор қилган. Улар ўйинчи учун тўланиши керак бўлган 4,5 миллион еврони пасайтирмоқчи. “Рома” эса бунга кўнмаяпти.
Шунингдек, сотиб юборилиши керак бўлган ўйинчилар рўйхатида ижарада “Ницца”да ўйнаётган нидерландиялик ҳужумкор футболчи Жастин Клюйверт ва “Астон Вилла”га қўшилган швециялик дарвозабон Робин Ольсен бор.
“Рома” январда “Порту”дан Сержиу Оливейра ва “Арсенал”дан Эйнсли Мейтленд-Найлсни кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан мавсум охиригача ижарага олган эди. Клуб хўжайинлари бу икки ўйинчи билан ҳамкорлик қилмасликни маъқул кўрмоқда. Англиялик ярим ҳимоячининг Лондонга кетиши аниқ бўлса, португалиялик универсал бўйича бироз иккиланиш бўлиб турибди.
Хуллас, ёзги трансферлар вақтида “Рома” анча фаоллик кўрсатиши кутилмоқда. Шомуродов масаласи ҳам кўтарилиши мумкин.
Ҳамюртимизга “Торино”, “Севилья”, “Хоффенхайм”, “Лейпциг” каби жамоалар қизиқиш билдиргани ҳақида хабарлар чиққанига ҳали кўп бўлгани йўқ.
Шундай бўлса-да, вазият қандай ечим топишини вқт кўрсатади.
Фикрлар