
“Рома” қоладиган футболчилар рўйхатини тузди: Шомуродов борми?
Жорий мавсумнинг биринчи ярмида инқирозга юз тутган “Рома”ни Клаудио Раньери қутқариб қолди. Қадрдон жамоаси учун фаолиятини қайта тиклаган 73 ёшли мураббий қисқа фурсатда “бўрилар”ни Европа майдонларида бўладиган мусобақалар йўлланмаларига даъвогарга айлантира олди.
Клаудио Раньерининг маҳоратини ҳамма тан олди. Катта трансферларсиз, қимматбаҳо ўйинчиларсиз, таркибда бор йигитлар билан ҳам яхши натижа қайд этиш мумкинлигини ўзидан аввал ишлаб кетган Жозе Моуриньо, Даниэле де Росси ва Иван Юричга ҳам кўрсатиб қўйди.
Шунга қарамай, мавсум қандай тугашидан қатъи назар, Раньери бош мураббийликни топширади. У клуб хўжайинларига маслаҳатчи бўлиб ишлайди. Айни пайтда мутасаддилар янги бош мураббий масаласини муҳокама қиляпти ва муносиб номзод танланади.
“Рома” мутасаддилари бу жараёнлар ортидан янги таркиб шакллантирилишини жуда яхши билади. Шу боис, клуб раҳбарияти қайси мутахассис бош мураббий бўлиб келишидан қатъи назар, Римда қоладиган ўйинчилар рўйхатини шакллантирди.
Нуфкзли манба – Corriere dello Sport нашрининг маълум қилишича, клуб дарвозабон Миле Свилар, ҳимоячилардан Анжелиньо, Эван Ндика, Жанлука Манчини, ярим ҳимоячилардан Леандро Паредес ва Стефан Эл-Шаарави, қанот ҳужумчиларидан Пауло Дибала ҳамда Матиас Суленинг Римда қолишини кафолатлади.
Футбол жамоатчилиги ва “Рома” мухлисларини уч футболчи – жамоа сардори Лоренцо Пеллегрини, қимматга олинган тўпурар Артём Довбик ва кейинги пайтда катта ўсишга эришиб, жамоа учун муҳим фигурага айланган Элдор Шомуродовнинг клубда қоладиган ўйинчилар қаторига қўшилмагани ҳайрон қолди.
Шу билан бирга клуб мутасаддилари Артём Довбик ва Элдор Шомуродов жўяли таклиф тушгандагина бошқа клубларга трансфер қилиниши мумкинлигини ҳам билдирган.
Таъкидлаш лозимки, жорий мавсум Элдор Шомуродов учун “Рома”га келган 2021 йилдан бери энг мазмунлисига айланди.
29 ёшли ҳужумчи А Серия, Италия кубоги ва Европа лигасида жами 32 маротаба майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини етти бор ишғол қилди ва жамоадошларига учта голли пас узатди. Шомуродов қолган учрашувлар давомида яна битта тўп киритса, бир мавсумда гол уриш бўйича шахсий рекордини такрорлайди.
Элдор 2020-2021 йилги дебют мавсумида Италиянинг энг қадимий клуби ҳисобланган “Женоа” сафида саккиз бор рақиблар дарвозаларини ишғол қилган эди.
Қизиғи шундаки, ўзбек футболчиси жорий чемпионатнинг ўзида икки маротаба бошқа клубларга ўтишга яқин келганди. Ёзги трансферларнинг сўнгги кунлари АҚШнинг “Атланта Юнайтед” клуби трансферга улгурмай қолди.
Январда эса, “Венеция” ўзбек ҳужумчисини кутиб олишга тайёргарлик кўраётган паллада Клаудио Раньери Шомуродовни Римда қолишини уқтирди. Натижада Элдор чемпионатнинг ҳал қилувчи якуний босқичида “Рома”га сезиларли даражада фойда келтирмоқда.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчисининг ўйинидаги ижобий ўзгаришлар, кўрсаткичлардаги ўсишлар, жамоавий ўйинга таъсир даражасини инобатга олган “Рома” раҳбарияти Элдор Шомуродов билан амалдаги шартномани 2027 йилнинг 30 июнигача узайтирди.
Файзуллаев, сенга Европадан аниқ таклиф борми? Аббос жавоб берди
Файзуллаев ЦСКАдан кетиши ҳақида гапирди
“Қийқириқ мода”да ўйнаган Шомуродовнинг ассисти қандай баҳоланди?
Ҳусановга қайси жамоа мос: “Реал”, “Атлетико” ёки “Юве”?
Шомуродов “Интер”га зиён келтирган!
Файзуллаев нега яхши ўйнолмаяпти?
ЦСКА Файзуллаевга нарх белгилади! Трансфер яқинми?
Шомуродов Довбикни “синдирди”!
Файзуллаев “йўқолиб” қолди!
Шомуродов бир гол билан “Рома”нинг мавсум рекордини ўрнатди. Навбат тарихий рекордга!
Фикрлар