Шомуродов “Женоа” билан шартнома имзолади ва қачон дебют қилиши аниқ бўлди
“Ростов”дан “Женоа”га кўчиб ўтган Элдор Шомуродов Генуя шаҳри жамоаси учун тиббий кўрикдан ўтгани ва тўрт йиллик шартнома имзолагани ҳақида хабарлар тарқатила бошланди. Тез орада “Женоа” Шомуродовнинг трансферини расман эълон қилиши кутилмоқда.
Шунингдек, ҳамюртимизнинг Италиядаги биринчи машғулоти ва янги жамоасидаги дебюти вақти аниқ бўлди.
Италия ва Россия оммавий ахборот воситалари тарқатаётган хабарга кўра, “Женоа” асосий таркиби 5 октябрь – душанба кунидан машғулотларга киришади. Айни пайтда ушбу жамоада коронавирус тарқалгани ва йигирмага яқин одам зарарлангани учун машғулотлар тўхтатилган.
“Женоа” футболчиларидан Петар Брлек, Миха Зайц, Франческо Кассата, Лукас Лерагер, Федерико Маркетти, Филиппо Мелегони, Лука Пеллегрини, Маттиа Перин, Марко Пьяца, Иван Радованович, Лассе Шоне, Давид Дзаппакостада коронавирус аниқлангани боис, карантинга олиниб, шифокорлар назоратида қолмоқда.
Элдор Шомуродов агенти Герман Ткаченко билан Генуяга етиб боргани ва халқаро аэропорт яқинидаги меҳмонхонага жойлашгани ҳақида хабар берган эдик. Элдор тиббий кўрикдан ўтганидан кейин “Женоа” билан муносабатларини расмийлаштиргач, жамоа аъзоси сифатида илк машғулотини 5 октябрь куни ўтказиши режалаштирилган.
“Женоа”да 9-рақамда тўп суриши кутилаётган ўзбекистонлик ҳужумчи янги жамоаси сафидаги тарихий дебют учрашувини 19 октябрь куни “Верона” жамоасига қарши ўтказадиган бўлди. А Сериянинг тўртинчи туридан ўрин олган учрашувга Верона шаҳридаги 45 минг кишилик "Стадио Марк-Антонио Бентегоди" стадиони мезбонлик қилади.
Таъкидлаш жоизки, “Верона” Элдор Шомуродов учун курашда “Женоа” билан рақобатлашган жамоалардан бири ҳисобланади. Вероналиклар ҳамюртимиз трансфери учун 10 миллион еврони бўлиб тўлашга тайёр эди. Бироқ, “Ростов” биринчи расмий чорлов юборган ва тахминан 9 миллион евро ва кейинги трансфердан 15 фоиз улуш ваъда қилган генуяликлар таклифини қабул қилди.
Шу ўринда, Элдор Шомуродовга мазкур икки жамоадан ташқари, “Фиорентина”, “Сельта”, “Штутгарт” каби кучли бешлик чемпионатлари вакилларидан ҳам қизиқиш бўлганини айтиш мақсадга мувофиқдир.
Аслида Элдорнинг дебюти 3 октябрь куни “Торино”га қарши уй учрашувида бўлиши керак эди. “Женоа”да коронавирус тарқагани боис бу баҳс бошқа муддатга қолдирилди.
Бундан ташқари, Элдор Шомуродов 3-16 октябрь кунлари Ўзбекистон миллий терма жамоасининг навбатдаги йиғинига таклиф этилган. Футболчиларимиз 2022 йилги жаҳон чемпиони ва 2023 йилги Осиё кубоги мусобақасига чиқиш учун қўшма саралаш босқичи учрашувларига тайёргарлик кўрмоқда. Ушбу йиғин доирасида Эрон ҳамда БAA терма жамоаларига қарши халқаро ўртоқлик ўйини режалаштирилган. 8 октябрь куни терма жамоамиз Эронга қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Ушбу баҳс “Пахтакор” стадионида соат 18:00 да бошланади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси 12 октябрь куни Дубай шаҳрида БAA вакилларига қарши ўртоқлик ўйини ўтказади.
Терма жамоа бош мураббийи Вадим Абрамов Элдор Шомуродов учун 5 октябрга чипта олинганини, лекин сўнгги янгиликлар туфайли ҳужумчи келиши аниқ эмаслигини билдирди. Шомуродов мамлакатимиз бош жамоасининг асосий тўпурари ҳисобланади. У 43 та учрашувда 20 та гол урган. Бироқ, айни пайтда унинг олдида турган энг асосий вазифа “Женоа”да ўз ўрнини топиш ва А Серияда маҳоратини намойиш этишдир.
Фикрлар