Яхшибоев бугун Чемпионлар лигасида “Интер”га қарши ўйнайдими? Саволга бош мураббий аниқ жавоб берди!
Европада Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг тўртинчи тур учрашувлари давом этмоқда. Биз учун аҳамиятлиси бугун Жасур Яхшибоевнинг жамоаси – “Шериф” ўз майдонида Италия чемпиони “Интер”ни қабул қилади.
Маълумки, “Шериф” Молдова тарихида илк бор қитъанинг энг нуфузли турнири гуруҳ босқичида иштирок этмоқда. Дастлабки икки турдаёқ “Шахтёр” ва “Реал”ни мағлубиятга учратиб, мавсум кашфиётига айланган тирасполликлар тарихга ўз номини ёзиб қўйишга улгурди.
Кетма-кет икки ғалабадан сўнг, Юрий Вернидуб шогирдлари учинчи турда “Сан-Сиро”да “Интер”га 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди. “Реал”га гол урган ўйинда жароҳат олган Жасур Яхшибоев Италиядаги тўқнашувда жамоасига ёрдам бера олмаганди.
Жасурнинг жароҳати жиддий бўлиб чиққанидан хабарингиз бор. Ҳатто ҳужумкор футболчимиз узоқ кутган таклиф – Ўзбекистон миллий терма жамоасига чақирув олган бўлса-да, айнан жароҳати туфайли Сречко Катанец кўригига кела олмади.
Яхшибоев бир неча ҳафта давомида даволанди ва спорт формасини тиклашга вақт сарфлади. Натижада у терма жамоа йиғини, Европа Чемпионлар лигаси ва миллий чемпионат ўйинларини ўтказиб юборди.
Ҳамюртимизнинг умумий гуруҳ машғулотларга қайтганига узоқ вақт бўлгани йўқ. У Молдова кубогида “Саксан” ва миллий чемпионатда “Петрокуб” жамоаларига қарши учрашувларда қатнашди. Шунда ҳам Яхшибоев захирадан майдонга тушиб, бир неча дақиқа ҳаракат қилган бўлса-да, анча фаол ўйнади.
“Интер”га қарши учрашув олдидан ташкил қилинган расмий матбуот анжуманида журналистлар “Шериф” бош мураббийи Юри Вернидубдан таркиб борасидаги муаммоларни инобатга олиб, жамоа муваффақиятларига катта ҳисса қўшиб келган Жасур Яхшибоевнинг муҳим баҳсга тайёргарлик даражаси ҳақида сўрашди.
- Жасур Яхшибоев учрашувни интиқлик билан кутяпти ва биринчи дақиқаданоқ курашишга тайёр. У жанговар кайфиятда ва бор кучи билан ҳаракат қилмоқчи, - деди бош мураббий Юрий Вернидуб.
Яхшибоев фаолиятига оид яна бир қизиқарли маълумот. “Пахтакор” тарбияланувчиси бир неча совринлар соҳиби ҳисобланади. У 2017 йилда ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритган. Кейинги йили “Пахтакор” таркибида Ўзбекистон чемпионати бронза медали совриндори бўлди.
Легионер сифатидаги ютуқлари ҳам анча салмоқли. 2020 йили “Шахтёр-Солигорск” сафида Беларус чемпиони ва олий лиганинг энг фойдали ўйинчиси номинацияси ғолиби бўлди. 2021 йилнинг бошида Польшанинг “Легия” жамоаси билан шартнома имзолаган ҳамюртимиз ёзда ушбу мамлакат чемпионлигига ҳам сазовор бўлди.
“Легия”да етарли ўйин амалиётиг а эга бўлмаган Жасур Яхшибоев ёзги трансферлар мавсуми ёпилиши арафасида ижара асосида “Шериф”га кўчиб ўтди. Легионеримизнинг имкониятларини яхши билган тирасполликлар бош мураббийи Юрий Вернидуб Чемпионлар лигаси гуруҳ баҳслари олдидан жамоасини Яхшибоев ёрдамида кучайтиришга қарор қилганини маълум қилганди.
Ҳар ҳолда Жасур ўзига билдирилган ишончни ортиғи билан оқлаяпти. Қолаверса, жаҳон футболининг энг нуфузли турнирида “Реал” дарвозасига “Сантьяго Бернабеу”да гол уриш ҳаммага ҳам насиб қилмайди.
Қизиқ томони шундаки, “Шериф” жорий мавсумда Молдова чемпионлигига жуда яқин турибди. Яхшибоев жамоаси ҳозирча 31 очко билан учинчи ўринда бормоқда. Тирасполликлар юқори турган икки жамоа – “Милсами” ва “Петрокуб”дан уч очкога орқада қоляпти. Бироқ, “Шериф” ҳар икки етакчини ҳам ўзаро учрашувларда таслим қилган ва захирасида учта учрашув бор. Агар жамоа шу баҳсларда ижобий натижа қайд этса, икки пешқадамга етиб олиб тугул улардан ўзиб ҳам кетади.
Агар “Шериф” чемпионат олтин медалларига эга чиқса, Жасур Яхшибоев бир йил муддатда учта мамлакат чемпионлигини қўлга киритган ягона футболчимиз сифатида тарихга ўз номини муҳрлайди.
“Шериф” – “Интер” учрашуви бугун тунда Тошкент вақти билан 01:00 да бошланади.
Фикрлар