Ўзбек клубига ютқазган футболчи катта ваъда бериб қўйди
Самарқанднинг “Динамо” жамоаси Суперлига ўйинларига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида хорижий ўқув-машғулот йиғинини Туркияда ўтамоқда.
Самарқандликлар техник, тактик, жисмоний тайёргарлик машғулотларидан ташқари ўйин амалиётини кучайтириш мақсадида ўртоқлик учрашувларини ўтказишга ҳам эътибор қаратмоқда.
“Динамо” футболчилари Қозоғистон Премьер-лигаси вакили, ўтган мавсумни учинчи ўринда якунлаган “Актобе” билан бўлган учрашувда Воҳиджон Оқбўтаев, Франческо ва Анваржон Холмирзаев томонидан киритилган голлар эвазига 3:1 ҳисобида зафар қучганди.
Ушбу баҳсдан кейин “Актобе” футболчиси Алибек Қосим самарқандликлар билан кечган баҳс ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
- Бу учрашувда мағлубиятга учрадик, лекин шунга қарамай, жамоа ўзини яхши томондан кўрсата олди. Ҳозир йиғин давомида юкламамиз жуда катта бўляпти, муаммолар кўп.
“Динамо” билан ғалаба учун ўйнаган эдик, бироқ ўхшамай қолди. Ғалабалар янги мавсум давомида бўлади. Бунга сўз бераман.
- Тез орада “Тобол” билан ўйин бор. Мана шу учрашув ҳақидаги ўй-фикрлар “Динамо”га қарши баҳсга халақит қилмадими?
- Йўқ, биз ҳар бир учрашувга фақат ғалабани кўзлаб тайргарлик кўрамиз. “Тобол” билан бўлажак учрашувга ҳам пухта тайёрланамиз. Мавсум олдидан ўзимизни текшириб олишимиз учун ҳали яхши ўйинлар бўлади.
- Сен “Динамо” билан ўйинни захирадан бошладинг. Майдонга тушишинг олдидан мураббий қандай кўрсатма берди?
- Мураббий интизом ҳақида бир жуфт сўз айтди, буни ҳаммамиз биламиз. Ғалаба учун ўйнаган эдик, лекин бунинг имкони бўлмади.
Эслатиб ўтамиз, “Динамо” жамоаси ўтган мавсумни Про-лигада ўтказган эди. Самарқандлик футболчилар мусобақани иккинчи ўринда якунлаб, яна юқори дивизионда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
“Динамо” жамоаси янги мавсумда Суперлигадаги илк учрашувини 1 март куни ўтказади.
Самарқандликлар шу куни Наманганда “Навбаҳор” жамоаси меҳмони бўлади. Наманганликлар ўтган мавсумни муваффақиятли ўтказиб, учинчи ўринда якунлаган эди.
Фикрлар