“Рома” ва Шомуродовга мухлислик қилаётганлар ўқисин!
“Рома” ўз олдига катта мақсадларни қўйди. Жозе Моуриньо ўз шогирдлари билан янги мавсумда А Серияда кучли тўртликка кириб, Чемпионлар лигасига йўлланма олиши, Италия кубогида зафар қучиши, УЕФА Европа лигасида бош совринни қўлга киритиши асосий вазифа сифатида белгиланган.
Рим клуби ўтган мавсумни Конференциялар лигасидаги ғалаба билан якунлагани мухлисларда катта умидларни уйғотмоқда.
Жозе Моуриньо бу вазифаларни бажариш учун таркибни жиддий кучайтириш шартлигини таъкидлаган ва клуб хўжайинлари португалиялик мураббий истаган ўйинчиларни олиб келиш имкониятини топмоқда.
Табиийки, “Рома”нинг трансферлари ва таркибдаги ўзгаришлар ҳақидаги маълумотлар кўпчиликни қизиқтиради. Шу боис, ҳали бир ой давом этадиган трансферлар мавсумида ҳозиргача юз берган ўзгаришлар ҳақида маълумот беришга қарор қилдик.
Янги ўйинчилар:
14 июнь: “Рома” раҳбарияти 33 ёшли сербиялик ярим ҳимоячиси Неманья Матич билан шартнома имзолаганини тасдиқлади. “Манчестер Юнайтед”нинг собиқ футболчиси Жозе Моуриньо билан бир йил ҳамкорлик қилишга розилик берган.
1 июль: Пойтахт клуби 22 ёшли дарвозабон Миле Свилар билан 2027 йилнинг ярмигача давом этадиган шартнома тузилганини эълон қилди. Серб миллатга мансуб посбон “Бенфика”дан олиб келинди.
5 июль: “Рома” мутасаддилари Туркия терма жамоаси ва “Лилль” ҳимоячиси Меҳмет Зеки Челикни А Серияга келишга кўндирди. Турк футболчиси 2026 йилнинг ёзигача давом этадиган шартномага имзо қўйди.
20 июль: “Рома” таркибини “Ювентус”дан кетган Пауло Дибала тўлдирди. 28 ёшли аргентиналик юлдуз римликлар билан 2025 йилнинг 30 июнигача ҳамкорлик қиладиган бўлди. Бу ёзнинг энг ёрқин трансферларидан бири экани таъкидланмоқда.
Сотув ва ижара:
21 июнь: Бразилиялик дарвозабон Даниэл Фузато Испаниянинг “Ибица” клуби билан уч йиллик битим тузди. 21 ёшли ўнг қанот ҳимоячиси Брайан Рейнолдс Бельгиянинг “Вестерло” клубига ижарага берилди.
1 июль: “Милан” билан Алессандро Флоренци трансфери бўйича келишувга эришилгани хабар қилинди. Миланликлар ижарада ўйнатган ўйинчини ўзиники қилиб олиш учун римликларга 2,7 миллион евро компенсация тўлади.
2 июль: “Рома” мутасаддилари “Кремонезе»” билан 19 ёшли ярим ҳимоячи Томмазо Миланезе трансферини 750 минг еврога келишганини тасдиқлади.
5 июль: “Кремонезе” вакиллари “Рома”нинг 20 ёшли марказий ҳимоячиси Маисса Ндиайени тўлиқ трансфер қилди.
13 июль: “Лечче” пойтахтликларнинг 19 ёшли ҳужумчиси Жоэль Перссонни 800 минг еврога сотиб олди.
14 июль: “Триестина” жамоаси 18 ёшли дарвозабон Давиде Мастрантониони “Рома”дан ижарага олди.
Шартномаси узайтирилганлар:
“Рома” раҳбарияти мураббийлар штаби ишончини оқлаган бир неча ўйинчиларга янги битим таклиф этди. 26 ёшли марказий ҳимоячи Жанлука Манчини 2027 йил 30 июнгача "бўрилар" сафила қоладиган бўлди.
Шунингдек, 19 ёшли ҳужумчи Феликс Афена-Гьян 2026 йилнинг 30 июнигача, 18 ёшли дарвозабон Давиде Мастрантонио, 18 ёшли ҳимоячи Филиппо Миссори, 18 ёшли чап қанот футболчиси Ян Оливерас, 19 ёшли ярим ҳимоячи Бенжамин Тахирович ҳам 2026 йилнинг ёзигача давом этадиган янги битимларга эга бўлди.
Фикрлар