“Аякс”нинг қимматбаҳо сотувлари

Ўтган сафар сиз азиз мухлисларни “ПСЖ”“Тоттенхэм”,  “Манчестер Сити”,"Арсенал"“Эвертон”, "Порту" ва "Челси" жамоалари тарихидаги энг қимматбаҳо сотувлар билан таништирган эдик. Бугун, мазкур туркумдан ўрин олган навбатдаги жамоа билан сизларни таништирамиз.  Демак, “Порту”нинг қимматбаҳо сотувлари.

5. Кристиан Киву – 18 млн евро

1999 йил “Аякс”га таклиф этилган Киву “Амстердам-Арена”да 4 мавсум тўп сурди. Бу вақт оралиғида “Аякс” сафида 150 га яқин ўйин ўтказган Киву голландияда қўлга киритиш мумкин бўлган барча совринларни қўлга киритишга муваффақ бўлади. 2003 йилда эса “Рома” румыниялик ҳимоячи учун “Аякс”га 18 млн евро тўлаган эди.

4. Луис Суарес – 26,5

2007 йил “Гронинген”дан 7,5 млн евро эвазига жамоага таклиф этилган Суарес ҳам “Аякс”да 4(аслида 3,5) мавсум тўп суради ва 159 ўйинда иштирок этиб, рақиблар дарвозасини 111 марта ишғол этишга муваффақ бўлади. Бундай сермаҳсул натижаларга маҳлиё бўлиб қолган “Ливерпуль” раҳбарияти уругвайлик форвардни 2011 йилги қишки трансфер бозори вақтида 26,5 млн еврога сотиб олишади ва адашишмайди…

2-3. Уэсли Снейдер – 27 млн

Снейдер “Аякс” клуби тарбияланувчиси саналади ва клуб ёшлар тизимида 9 йил футбол сир-асрорларини ўрганади. 2002 йил асосий жамоада дебют қилган Уэсли “Аякс” сафида 5 йил тўп суради ва 23 ёшида “Реал”га трансфер қилинади. Озмунча пул эвазига эмас, албатта – 27 млн евро.

2-3. Клаас-Ян Хунтелаар – 27 млн

2006 йилги қишки трансфер ойнасида “Херевен”дан 9 млн евро эвазига сотиб олинган Хунтелаар жамоага тезда киришиб кетади ва дастлабки мавсумдаёқ Эредивизон тўпурарлигини қўлга киритади. “Амстердам-Арена”да жами 3 мавсум тўп сурган Хунтелаарга 2009 йилги қишки трансфер бозорида “Реал” жиддий қизиқиш билдиради. Якунда, “қаймоқранглилар” голландиялик супертўпурарни 27 млн еврога ҳарид қилишади. Эътиборлиси, анчагина катта сумма эвазига сотиб олинган Хунтелаар “қироллик клуби”да ярим мавсум тўп суради, холос.

1. Аркадиуш Милик – 35 млн

Милик даставвал, “Аякс”га ижара асосида келади. Мавсум давомида 33 беллашувда иштирок этган Милик рақиблар дарвозасини 23 марта ишғол этади ва мавсум якунида амстердамликлар польшалик иқтидорни 2,3 млн еврога трансфер ҳуқуқини сотиб олишади.Умуман, “Аякс”да икки мавсум давомида 47 та тўп киритган Миликни ушбу мавсум аввалида “Наполи” 35 млн еврога сотиб олади. Ҳозирча мазкур сотув – “Аякс”нинг энг қимматбаҳо трансфери бўлиб турибди.

Тавсия этамиз: 

Шаҳзод Холбоев тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!