Шомуродов янги мавсумда нечта гол ура олади? Элдор саволга жавоб берди!
“Женоа” футболчилари ҳам А Сериянинг қолган жамоалари каби янги мавсумга пухта тайёргарлик кўрмоқда. Элдор Шомуродов жамоаси айни пайтда Австрияда дастлабки ўқув-машғулот йиғинини ўтамоқда.
Италияда чемпионат ўйинлари 22 август куни бошланади ва генуяликлар биринчи турда мамлакатнинг амалдаги чемпиони – “Интер” жамоаси меҳмони бўлади.
Айни пайтда Италия матбуотида “Женоа” жамоасига доир хабарлар ҳам кўпайиб бормоқда. Ўзбекистонлик футбол мухлисларининг Элдор Шомуродов жамоасига бефарқ эмаслигини инобатга олиб, sports.uz портали эътиборингизга хориж матбуотидаги хабарлар таржимасини ҳавола этади.
Шомуродов: Янги мавсумда ўнтадан кўп гол ураман!
Италия футболини ёритишга ихтисослашган calciomercato.com сайти “Женоа” ҳужумчиси Элдор Шомуродовнинг жамоа сардори Доменико Кришито ҳақидаги фикрини ва келаси мавсум учун режасини эълон қилди.
- Менга жамоамиз сардори Доменико Кришито жуда ёқади. У зўр ўйинчи. Биринчи мавсумда жамоага мослашиб олишимда катта ёрдам берди.
Янги мавсумда нечта гол уришимни сўрашяпти. Мен бу гал ўнтадан кўп тўп киритмоқчиман, - деди Элдор Шомуродов.
Ўзбек легионери ўтган мавсумда А Серияда 31 та учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини саккиз марта аниқ нишонга олди ва битта голли пас узатди. Шомуродов “Сассуоло”, “Верона”, “Парма”, “Специя”, “Лацио” , Кальяри” дарвозаларига биттадан гол киритган бўлса, “Аталанта” посбонини икки бор ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур қилди.
Мен Левандовски ва Пёнтек издошиман!
“Женоа”нинг Австриядаги йиғинида иштирок этаётган янги ҳужумчи Александр Букса кўпчиликнинг эътиборини тортди.
Краковнинг “Висла” жамоасидан олинган 19 ёшли польшалик ҳужумчи келажакда ҳамюртлари – Роберт Левандовски ва Кшиштоф Пёнтек изидан боришини таъкидлади.
- Менда бир нечта таклиф бор эди. Лекин “Женоа” менинг фаолиятимда муҳим аҳамият касб этишга қодир эканини ҳис қилиб, шу жамоани танладим. Бу жамоанинг ўйин услуби менинг характеристикамга жуда мос тушади. Бу тариха жуда бой клуб. Танловим тўғрилигига ишонаман, чунки Италия футболи ҳақиқий футболчи қилиб тарбиялашда етакчи.
Мен Левандовски ва Пёнтекнинг ўйинларини аввалдан кузатиб келаман ва уларнинг футболдаги йўлини такрорлашни орзу қиламан. Мен шошилмасдан, ҳамма нарсани ўрганишим керак, - деди Александр Букса.
“Женоа” яна бир талантни кутмоқда
“Женоа” раҳбарияти В Серияда “Асколи” жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган Абдулҳамид Собирийни анчадан бери кузатиб келади.
Германия паспортига эга марокашлик ҳужумкор ярим ҳимоячи майдон марказини кучайтира олади. Генуяликлар келаси мавсум учун колумбиялик Дамир Сетерни “Кальяри”га беришга қарор қилган. Энди бу футболчи ўрнига ўринбосар қидиришмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, В Сериядаги мавсумни юқори даражада ўтказган Абдулҳамид юқори лигада ҳам ўзига билдирилган ишончни оқлай олади.
“Женоа” ёзги трансферлар даври якунлангунга қадар 25 ёшли футболчини ўзи сафига қўшиб олишга ҳаракат қилади.
Фикрлар